Ahad Qayum - Do'stim, bir bor otangni esladingmi? (She'r)

Омад қучоғида шодон юрганда,
Шодлигинг гул очиб, бахтинг кулганда,
Имласанг лаббай деб хизматинга  шай,
Кимлар саф саф бўлиб тайёр турганда.
Ота онангдан сен меҳрингни тийма,
Кечаги кунингни унутиб қўйма.
Дўстим, бир бор онангни эсладингми,
Дўстим, бир бор отангни эсладингми?!

Бу кунни сендан кўп отанг кутганди,
Бу кунни сендан кўп онанг кутганди,
Сенинг бир кечалик ширин уйқунг деб,
Улар неча йиллаб заҳар ютганди.
Дарёсан, чайқалиб соҳил тошганда,
Қирдан осон сакраб тоғлар ошганда,
Дўстим, бир бор онангни эсладингми,
Дўстим, бир бор отангни эсладингми?!

Кимгадир яхшилик қилсанг сен албат,
Айтарлар кўп яша, отанга раҳмат,
Йўлингда турса ҳам минг хавфу хатар,
Онангнинг дуоси асрар ҳар сафар,
Болангни эркалаб кўзин ўпганда,
Ёринг сочларини юзин ўпганда,
Дўстим, бир бор онангни эсладингми,
Дўстим, бир бор отангни эсладингми?!

Отанг ғаниматдир бир куни ўтар,
Онанг ғаниматдир бир куни ўтар,
Кексалик деган ном айланиб яна,
Манзилини излаб сенга ҳам етар.

Категория: Ahad Qayum | Добавил: u-libraryuz (16.01.2020)
Просмотров: 15 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar